Олма-отада чавандозларимиздан янги ғалабалар кутамиз
26-29 май кунлари Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича Евросиё лигасининг Миллатлар кубоги баҳсларининг учинчи босқич беллашувлари бўлиб ўтади. Аҳамиятлиси, унда ўзбекистонлик чавандозлар ҳам ғолиблик учун баҳс олиб борадилар.
Ортда қолган икки босқичда рақибларга қараганда анча кўп очко жамғарган ҳамюртларимиз якунда Евросиё лигаси атлетлари орасида етакчиликни сақлаб қолишади. Бўлажак босқичда мазкур минтақа спортчилари билан бир қаторда Германия ва Нидерландиядан ташриф буюрадиган чавандозлар ҳам бош соврин учун беллашадилар.
Аввалги мусобақалардан фарқли равишда Қозоғистондаги баҳслар чим қопламали майдонда ўтказилади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси терма жамоамиз вакилларига бўлажак стартда улкан омад ва муваффақиятлар тилаб қолади.
Маълумот учун, аввалги икки босқичда муваффақиятли иштирок этган чавандозларимиз жамоавий дастурда қаторасига иккинчи марта Барселонада бўлиб ўтадиган конкур бўйича Миллатлар кубогининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритган бўлсалар, терма жамоамиз етакчиси Нуржан Туякбаев келаси йил АҚШнинг Омаха шаҳри мезбонлик қилувчи Жаҳон кубогининг финалига муддатидан аввал йўлланмани расмийлаштирган.