Ру En O'z
20 Май 2022 2224

ШҲТ йиғилиши минтақа спортини бирлаштирадиган улкан платформа бўлди

Спортни ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистоннинг ШҲТ га раислиги доирасида илк бор аъзо давлатлар жисмоний тарбия ва спорт вазирларининг учрашуви ташкил этилди.

ШҲТ Бош котиби Чжан Мин минтақада жисмоний тарбия ва спорт орқали аҳоли саломатлигини ошириш йўлида ушбу йиғилишнинг катта аҳамиятга эга экани ҳақида тўхталди. Зеро, ушбу давлатларда 3 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг оммавий спорт билан машғул бўлишлари ҳар бир миллат келажаги учун жуда муҳимдир.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби О.Касимов, Россия Федерацияси Спорт вазири О.Матицин, Ҳиндистоннинг Ёшлар ва спорт масалалари бўйича фахрий вазири А.Сингх, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирининг ўринбосари С.Жарасбаев, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири А.Жаманкулов, Тожикистон Республикаси Ҳукумат қошидаги Ёшлар ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари П.Собирзода, Покистон Ислом Республикаси Спорт кенгаши президенти Эҳсон ур-Раҳмон, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Цзян Янь қатнашди. Пандемик вазият тобора жиддий тус олаётганлиги сабабли Хитой Халқ Республикаси делегацияси йиғилишда онлайн тарзда иштирок эди.

Йиғилиш кун тартибидан келгусида режалаштирилган юқори даражадаги спорт мусобақаларини ташкил этишда ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТ давлатлари ўртасида спорт соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мамлакатлар ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга иштирокчилар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ўзаро тажриба алмашиш, ёшларни спортга жалб қилишда кенг миқёсли лойиҳаларни амалга ошириш мавзуларига ҳам тўхталишди.

Жумладан, Қирғизистон томони сентябрь ойида Иссиқкўлда ШҲТ ўйинларини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан бўлса, Россия спорт вазири ушбу мулоқот узвийлигини таъминлаш мақсадида доимий фаолият юритувчи комиссия йўлга қўйиш ғоясини ўртага ташлади. Ўзбекистоннинг соҳадаги ислоҳотлари, қуйи бўғиндан спортни тарғиб этишга қаратилган 5 ташаббус Олимпиадаси, қолаверса, Ойбек Касимов томонидан таништирилган “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик тақдимоти меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Томонлар кун тартибидаги масалалар юзасидан бир тўхтамга келиб, якунда ўзаро ҳамкорлик келишувини имзоладилар.

Қайд этиш жоиз, йиғилиш доирасида бир қатор мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада чуқур йўлга қўйиш мавзуларига қаратилган икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Шу тариқа, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг жисмоний тарбия ва спорт бўйича вазирлик ҳамда идоралари раҳбарлари иштирокидаги асосий йиғилиш ўз ишини якунлади.

Text to speech