ШҲТ йиғилишининг сўнгги делегацияси кутиб олинди
Эртага бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спорт бўйича вазирлик ҳамда идоралари раҳбарлари асосий йиғилишида иштирок этувчи сўнгги делегация пойтахтимизга келди. ШҲТ Бош котиби Чжан Мин бошчилигидаги делегация И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди.
Юқори мартабали меҳмонларни Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олишди. Пойтахтимизга сафари давомида Чжан Мин жанобларига ташкилот котибиятининг 2-тоифали эксперти Инчуань Фань, департаменти ходими Хайнин Чжень ва катта эксперт Нурали Ирзаев ҳамроҳлик қилишади. Шу тариқа, тадбирда қатнашиши кўзда тутилган сўнгги делегация ҳам Тошкентга етиб келди.
Маълум қилганимиздек, 20 май санасида мазкур йиғилишнинг асосий тадбирлари ташкил этилади. Шу билан бирга, Тошкентга келган делегация вакиллари Миллий Олимпия қўмитасига ҳам сафар уюштиради. Бундан ташқари, меҳмонлар Тошкент вилоятининг спорт инфратузилмаси билан ҳам танишиши режалаштирилган.