Ру En O'z
19 Май 2022 1340

Осиё ўйинларига йўлланма билан қайтган чим устида хоккейчиларимиз муносиб кутиб олинди

6-15 май кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида чим устида хоккей бўйича Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига йўлланма берувчи мусобақа бўлиб ўтди. Унда муваффақиятли иштирок этиб, илк бор “Осиё Олимпиадаси”га йўл олган йигитларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедов, Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ва Спортни ривожлантириш вазирининг маслаҳатчиси Авазжон Каримов, федерация ходимлари ва спортчиларимизнинг яқинлари иштирок этишди.

Мутасаддилар хоккейчиларимизни қарши олишар экан, уларнинг ушбу муваффақияти келгусида мазкур спорт турининг мамлакатимизда янада оммалашишига замин яратишини алоҳида урғулашди.

Бўлажак Осиё ўйинлари Париж-2024 Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини ўтаб беради. Расмийлар жамоамизнинг мусобақага тайёргарлиги учун барча шароитлар яратиб берилишини, йигитларимиздан Ханчжоу-2022да бундан ҳам улкан ғалабалар кутиб қолишларини таъкидладилар.

Text to speech