Ру En O'z
18 Май 2022 1524

Футболимиз афсоналари италиялик жаҳон чемпионларини мағлуб этишди

Ўзбек футболининг шонли ўйинларига гувоҳ бўлган “Пахтакор” марказий стадиони яна бир тарихий учрашувни қабул қилди. ЎФА ҳамда “BMB Trade Group” томонидан ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан ташкил этилган кечада Ўзбекистон ва Италия футболи афсоналари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди.

Ўйиннинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов иштирок этиб, футболчиларимиз ва ашаддий мухлисларимизни ўзбек футболининг 110 йиллиги билан қутлашди.

Шу куни стадионга йиғилган минглаб томошабинлар илгари фақат ойнайи жаҳон орқали кўрган Италия футболи афсоналарининг жозибадор ҳаракатларига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишди. Бундай унутилмас ўйин ўзимизнинг йигитлар билан футболимизнинг 110 йиллик тантанаси арафасида ўтказилгани эса мухлислар хотирасида узоқ йиллар сақланиб қолади.

Бевосита ўйин ҳақида тўхталсак. Одатда бундай учрашувларда дуранг натижа қайд этилар эди. Бироқ ўйинчиларимиздаги ғалабага чанқоқлик ва гол завқи ҳар дам рақиб дарвозаси томон олға етаклаб турди. Бунинг натижасида йигитларимиз таркибида жаҳон ва Европа чемпиони бўлган италиялик чарм тўп усталарини 3:2 ҳисобида доғда қолдирдилар. Жамоамиз сафида Санжар Турсунов, Неъматилло Қуттибоев ва Сервер Жепаров бир борадан Кристиан Аббьятти дарвозасини ишғол қилган бўлсалар, рақиб жамоа сафида 2006 йилги жаҳон чемпиони Винченцо Яквинта дубль қайд этди.

Фахрийлар учрашуви
Ўзбекистон – Италия 3:2
Голлар: Турсунов 19', Қуттибоев 31', Жепаров 47' – Яквинта 8', 30'

Ушбу беллашув иккинчи таймни бошқарган Равшан Ирматов, шунингдек, Одил Аҳмедов, Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Анзур Исмоилов, Азизбек Ҳайдаров, Игнатий Нестеров, Санжар Турсунов, Акмал Шораҳмедов каби миллий терма жамоамизнинг собиқ футболчилари учун рамзий маънодаги хайрлашув ўйини ҳам бўлди.

Баҳс якунида Абдужаббор Абдувоҳидов ўзбек ҳакамлик мактабини дунёга танитган Р.Ирматов ва унинг ёрдамчилари Баҳодир Қўчқоров ҳамда Абдуҳамидулло Расуловга, шунингдек фаолиятини якунланган яна бир таниқли реферимиз Валентин Каваленкога миннатдорчилик сифатида эсдалик совғаларини тақдим қилди. Тадбир давомида футболимиз истиқболи йўлида узоқ йиллар давомида меҳнат қилган кўплаб фахрийлар “Ўзбек футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонлари билан тақдирланишди.

Text to speech