Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси жаҳон чемпионатини иккита бронза медали билан якунлади
Туркиянинг Истанбул шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз ўз иштирокини тугатди. Қувонарлиси, мусобақа аёллар боксида дунё биринчиликларида қўлга киритилган илк медаллар сифатида ўзбек спорти тарихида қолди.
+81 кг вазн тоифасида қатнашган Моҳира Абдуллаева ярим финал жангининг 1-раундида жароҳат олиб, беллашувни давом эттира олмади. Шу боис ҳакамлар унинг рақиби марокашлик Хайжа Мардининг ғалабасини эътироф этдилар ва юртдошимиз бронза медали билан тақдирланадиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, бугунги беллашувлар давомида Азиза Ёқубова ҳам -50 кг вазн тоифасида учинчи ўринни қўлга киритган эди.
Шу тариқа, мазкур дунё биринчилиги терма жамоамиз учун 2 та бронза медали билан якунланди. Қайд этиш жоиз, бу мусобақа аёллар боксида жаҳон чемпионатларидаги илк медаллар сифатида тарихда қолади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон бокс федерациясини, боксчиларимизни тайёрлаган Элшод Расулов бошчилигидаги мураббийлар штаби ва спортчиларимизни, миллионлаб мухлисларимизни Туркия заминида қайд этилган мана шундай юксак натижа билан самимий муборакбод этиб қолади.