Ру En O'z
17 Май 2022 1477

ШҲТга аъзо давлатлар минтақадаги жисмоний тарбия ва спорт истиқболларини Тошкентда муҳокама қилишади

Жорий йил 19-21 май кунлари Тошкент шаҳри Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спорт бўйича вазирлик ҳамда идоралари раҳбарларининг навбатдаги йиғилишига мезбонлик қилади.

Унда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов, Россия Федерацияси Спорт вазири О.Матицин, Ҳиндистоннинг Ёшлар ва спорт масалалари бўйича фахрий вазири А.Сингх, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири Д.Абаев, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири А.Жуманкулов, Тожикистон Республикаси Ҳукумат қошидаги Ёшлар ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари П.Собирзода, Покистон Ислом Республикаси Спорт кенгаши президенти Эҳсан ур-Раҳман қатнашади. Шунингдек, йиғилишда Хитой Халқ Республикаси делегацияси онлайн тарзда иштирок этиши режалаштирилган.

ШҲТга аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасига масъул раҳбарлари ўртасидаги тадбирлар 4 кун давомида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, дастур доирасида асосий йиғилиш 20 май куни ташкил этилади. Шу билан бирга Тошкентга келган делегация вакилларининг Миллий Олимпия қўмитасига ташрифи ҳамда Тошкент вилоятига сафари ҳам режалаштирилган.

Йиғилиш кун тартибидан келгусида режалаштирилган юқори даражадаги спорт мусобақаларини ташкил этишда ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТ давлатлари ўртасида спорт соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, давлатлар ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Шу билан бирга аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ўзаро тажриба алмашиш, ёшларни спортга жалб қилишда кенг миқёсли лойиҳаларни амалга ошириш борасида муҳокамалар ўтказилади.

Таъкидлаш лозимки, йиғилиш доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида 2022-2024 йилларга мўлжалланган жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги “Йўл харитаси”ни амалга ошириш режаси ҳам тасдиқланади.

Бундан ташқари, ШҲТнинг спорт сектори раҳбарлари жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга кўмаклашиш, спорт орқали дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, атлетларни рағбатлантириш, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашадилар.

Text to speech