Ру En O'z
17 Май 2022 1344

Илк бор саккиз нафар таэквондочи билан Гран-прида иштирок этиш имкониятига эгамиз

Тез орада таэквондо оламида Гран-при сериясига кирувчи нуфузли мусобақалар старт олади. Ушбу турнирларда Олимпиада рейтингида юқори ўринда жойлашган спортчиларгина иштирок этишлари мумкин. Боиси, мазкур таснифдаги вазн тоифалари Олимпия ўйинларидаги каби шакллантирилган ва 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасига қимматли рейтинг очколарини тақдим қилади.

Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси мутасаддилари, мураббийлар штаби пухта тузилган режа асосида йил аввалида халқаро мусобақалар орқали таэквондочиларимизга максимал даражада рейтинг очко ишлаб олиш имкониятини тақдим қилишди. Бундан унумли фойдаланиб, шоҳсупага кўтарилган ҳамюртларимиз Гран-прида қатнашиш мумкин бўлган ҳудудга кира олдилар. Келинг, шу ўринда таэквондочиларимизнинг Олимпиада рейтингдаги ўрнига бир назар ташлаймиз. Бунда Гран-при мусобақаларида қатнашиши мумкин бўлган спортчиларимизнинг ўрнини кўрсатиб ўтамиз.

-68 кг:
1. Брэдли Синден (Буюк Британия) – 274.14
2. Улуғбек Рашитов (Ўзбекистон) – 220.04 …
35. Нияз Пулатов (Ўзбекистон) – 68.53

-80 кг:
1. Максим Храмцов (Россия) – 337.51 ...
6. Никита Рафалович (Ўзбекистон) – 166.99 ...
18. Шуҳрат Салаев (Ўзбекистон) – 85.31

+80 кг:
1. Владислав Ларин (Россия) – 352.96 ...
44. Шоҳруҳ Ражабов (Ўзбекистон) – 46.56

-57 кг:
1. Анастасия Золотич (АҚШ) – 316.70 ...
13. Чарос Қаюмова (Ўзбекистон) – 125.53

-67 кг:
1. Матея Еличич (Хорватия) – 335.26 ...
14. Феруза Содиқова (Ўзбекистон) – 127.71

+67 кг:
1. Бьянка Уолкден (Буюк Британия) – 344.76 ...
10. Светлана Осипова (Ўзбекистон) – 130.10

Кўриб турганингиздек, Гран-при турнирларида саккиз нафар вакилимиз иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон таэквондо ассоциациясининг маълум қилишича, терма жамоамиз илк бор бундай катта таркибда дунёнинг энг сара таэквондочилари билан рақобат қилишга тайёрланмоқда. Бу мавсумдаги мусобақалар 3-5 июнь кунлари Рим, 2-4 сентябрь санасида Париж ва 21-23 октябрда Манчестер шаҳарларида ўтказилади.

Text to speech