Ру En O'z
16 Май 2022 1138

“Олимпия бирдамлиги” лойиҳасининг яна бир дастури мамлакатимизда ўз “мева”сини берди

Чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 5-15 май кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтган Ханчжоу-2022 саралаш турниридаги ажойиб иштироки билан кўплаб мутасаддиларнинг эътирофига сазовор бўлди. Жамоамиз беллашувлар давомида метин иродасини намойиш этиб, номдор рақибларини ортда қолдирди. Ушбу ғалаба терма жамоамиз учун Париж-2024 Олимпиадаси йўлида квалификация вазифасини ўтаб берувчи Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари эшигини очди.

Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси жамоамизни ушбу саралаш турнирига тайёрлашда катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Бу йўлда юқори савиядаги рақиблар билан тажриба алмашиш имконини яратди. Жамоани шакллантириш ва уни тайёрлаш катта заҳмат талаб қилди. Бу борада мамлакатимизда янги майдонлар қуриш, шунингдек, Ўзбекистонда чим устида хоккей спортини ривожлантириш каби ишлар ХОҚнинг “Олимпия бирдамлиги” ва AHF (Осиё чим устида хоккей федерацияси) кўмагида DNSS (Миллий спорт тизимини ривожлантириш) лойиҳалари орқали йўлга қўйилди.

Ушбу амалий ютуқларни Осиё чим устида хоккей федерацияси ҳам алоҳида эътироф этди. Жумладан, федерация расмий сайтида чоп этилган бу ҳақидаги мақолада шундай дейилади:

“Ўзбекистонда чим устида хоккей спорт турининг бундай юқори суратларда ривожланишида шубҳасиз Ўзбекистон МОҚ муҳим роль ўйнади. Қўмита кўмагисиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирги даражага эриша олмас эди. Халқаро хоккей федерацияси, Осиё хоккей федерацияси ва ташкилот ижрочи директори Дато Тайяб Икрам Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига мамлакатда хоккейни ривожлантириш йўлида кўрсатаётган хизматлари учун миннатдорлик изҳор этади”.

Text to speech