Ру En O'z
16 Май 2022 1617

Марина Хмелевская Рига марафонида ўзбек спортида 38 йил ичидаги энг юқори натижани кўрсатди

Латвия пойтахти Рига шаҳрида нуфузли марафон мусобақаларидан бири бўлиб ўтди. 76 мамлакатдан ташриф буюрган спортчилар орасида ҳамюртимиз Марина Хмелевская кумуш медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг маълум қилишича, бу мамлакатимиз тарихида аёллар марафонидаги иккинчи юқори натижа сифатида қайд этилди. Сўнгги бор 1984 йил Литвада ўтган Собиқ Иттифоқ миқёсидаги мусобақада Надия Усманова 2:30:36 вақт билан ўзбекистонлик марафончи қизлар рекордини ўрнатган эди.

Марина Латвиядаги мусобақада 2:33:19 ичида маррага етиб келган. Қайд этиш жоиз, ҳамюртимиз пойга давомида мазкур йўналишда етакчи ҳисобланувчи Африка, Америка, шунингдек, европалик рақибаларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Атлетимиз фақатгина эфиопиялик спортчидан пастроқ натижа кўрсатди.

“Rimi Riga Marathon-2022”, аёллар:
1. Мекурия Зеннебе (Эфиопия) – 2:30:53
2. Марина Хмелевская (Ўзбекистон) – 2:33:19
3. Айнелем Касахун (Эфиопия) – 2:38:21

Text to speech