Барселона қаторасига иккинчи йил чавандозларимиз учун ўз бағрини очади
Конкур бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган Евросиё лигасининг Миллатлар кубоги баҳсларида муваффақиятли иштирок этишди. Уч кун давом этган беллашувлар якунида ҳамюртларимиз 7 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлдилар.
Бундан аввалги баҳсларда яккалик дастурида чавандозларимиз Гран-при йўналишида ғалаба қозониб, келаси йил АҚШда ўтказиладиган Жаҳон кубогининг финалига йўл олгани ҳақида маълум қилган эдик. Қувонарлиси, жамоавий дастурда ҳам йигитларимизга тенг келадигани топилмади. Ушбу ғалаба уларга жорий йил Испаниянинг Барселона шаҳрида ўтказиладиган жамоавий дастурдаги Жаҳон кубоги финали эшигини очди. Таъкидлаш жоиз, чавандозларимиз қаторасига иккинчи йил Жаҳон кубогининг ҳал қилувчи босқичига йўл олишмоқда.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ва чавандозларимизни қўлга киритилган ушбу ажойиб ғалаба билан табриклаб, уларга келгусида ҳам улкан муваффақиятлар тилаб қолади.