Ру En O'z
14 Май 2022 1680

Чим устида хоккейчиларимиз иродали ғалаба билан Осиё ўйинларига йўлланма олишди

Айни кунларда Таиландда чим устида хоккей бўйича Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари учун саралаш мусобақа бўлиб ўтмоқда. Қувонарлиси, унда иштирок этаётган эркаклар терма жамоамиз илк бор Осиё ўйинларига йўлланма олди.

Ҳамюртларимиз Ўмон, Таиланд, Гонконг ва Қозоғистон вакиллари билан бир гуруҳдан жой олишди. Беллашувларда 1 ғалаба, 2 дуранг ва 1 мағлубият қайд этган жамоамиз учинчи ўрин билан Осиё ўйинларига йўлланма берувчи поғона учун курашни давом эттирди. Ушбу босқичда вакилларимизга сингапурлик хоккейчилар рақиблик қилишди. Пенальтилар сериясигача давом этган баҳсда омад ҳамюртларимиз томонда бўлди ва жамоамиз тарихий ғалабага эришди.

Ушбу муваффақият бир қатор мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. Жумладан, Осиё хоккей федерациясининг Ижрочи директори Тайяб Икрам Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясини қўлга киритилган ғалаба билан қутлаб, расмий табрик йўллади.

Регламентга кўра, Осиё ўйинларида қитъамизнинг энг кучли 12 жамоасигина иштирок эта олади. Аввалги мусобақада (Индонезияда) кучли бешликка кирган термалар (Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Покистон ва Жанубий Корея) ҳамда мезбон Хитой тўғридан тўғри асосий стартга йўлланма олган бўлса, яна олти жамоа номи ушбу турнирда маълум бўлди. Келинг, шу ўринда жамоамизнинг мусобақада қайд этган натижаларига назар ташлаймиз.

Гуруҳ босқичи:
1-тур: Ўзбекистон – Гонконг 4:2
2-тур: Ўзбекистон – Таиланд 1:1
3-тур: Ўзбекистон – Қозоғистон 3:3
4-тур: Ўзбекистон – Ўмон 3:6

Осиё ўйинлари йўлланмаси учун плей-офф:
Ўзбекистон – Сингапур 2:2 (пен. бўйича 4:2)

Таиланддаги мусобақа орқали Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига йўл олган жамоалар: Бангладеш, Индонезия, Ўмон, Шри-Ланка, Таиланд ва Ўзбекистон.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси ва жамоамизни ўз тарихида илк бор Осиё ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритгани билан самимий табриклаб, йигитларимизга бўлажак мусобақада омад тилаб қолади.

Text to speech