ISSF Ўзбекистонда ўқ отиш спортининг ривожланишига юқори баҳо берди
Германиянинг Зуль шаҳрида Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси (ISSF) Бош котиби Александр Ратнер ва Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси Бош котиби Мардонбек Давронов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Йиғилиш аввалида ISSF Бош котиби Ўзбекистон терма жамоасини йилни муваффақиятли бошлагани билан табриклаб, Ўзбекистонда ўқ отиш спорти ривожланиш тенденсиясини эътироф этди.
Ҳакам ва мураббийлар малакасини ошириш курсларини Ўзбекистон ҳудудида ўтказиш имкониятлари, шунингдек, йирик халқаро мусобақаларни қабул қилиш истиқболлари муҳокаманинг асосий мавзуси бўлди. Аҳамиятлиси, Париж-2024 Олимпиадасига саралаш тизими доирасида Ўзбекистон лицензион турнирни ўтказиши мумкин.
М.Давронов Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси раҳбариятига ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдириб, ўзбек халқининг буюк тарихи, бой маданий ва маънавий мероси, бетакрор қадриятлари ҳамда анъаналари асосида тайёрланган альбомни тақдим этди.
Учрашув якунида ISSF Бош котиби Александр Ратнер спортчиларимизга бўлажак мусобақаларда омад тилади.