Ру En O'z
14 Май 2022 1236

Конкурчимизнинг Гран-при йўналишидаги ғалабаси уни Жаҳон кубогининг финал босқичига олиб чиқди

Қирғизистон пойтахтида ўтказилаётган конкур бўйича Евросиё лигасининг Миллатлар кубогида навбатдаги ғалаба қўлга киритилди. Бу гал чавандозларимиз турнирнинг энг асосий дастури ҳисобланмиш Гран-при йўналишида барча совринли ўринларни эгалладилар.

Маҳоратли чавандозимиз Нуржан Туякбаев “Ланселотта” лақабли тулпорда ҳаммадан яхши натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Эътиборлиси, ушбу ғалаба унга келаси йилнинг 4-8 апрель кунлари АҚШнинг Омаха шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон кубогининг финал босқичи эшикларини очди.

Кумуш медални Бекзод Қурбонов “Калимера” отидаги натижаси билан қўлга киритди. Нуржан “Камита” тулпорида яна бир бор омадини синаб кўрди ва ушбу уриниш унга бронза медалини тақдим қилди. Тўртинчи поғона мезбонлар вакили Ринат Галимовга насиб этган бўлса, кучли бешликни бошқа бир вакилимиз Умид Камилов ёпиб берди.

Бугун мусобақада дам олиш куни. Эртадан спортчилар турнирнинг иккинчи босқичи доирасида жамоавий дастурда баҳс олиб боришади. Аҳамиятлиси, мазкур беллашувлар ғолибини Барселонада ўтадиган Миллатлар кубоги финали учун йўлланма кутиб турибди. Чавандозларимизга ушбу йўналишда ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Text to speech