Мерганларимиздан Жаҳон кубогида навбатдаги медаль
Германиянинг Зуль шаҳрида ўтказилаётган ўқ отиш бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубогида терма жамоамиз навбатдаги медалини қўлга киритди. 10 метр масофага тўппончадан отиш дастури йигитларимиз учун муваффақиятли ўтди.
Жамоавий дастурда мерганларимиз кучли саккизликдан жой олиб, финал йўлланмасига эга бўлишди. Шундан сўнг улар сараланганлар орасида тўртликка киришди ва Ҳиндистон жамоаси билан олтин медаль учун баҳс олиб боришди. Афсуски, беллашувда вакилларимизга бироз тажриба етишмади ва якунда кумуш медалларни қўлга киритдик. Бронза медали эса италиялик ёшларга насиб этди.
Ўқ отиш бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги.
10 метр, тўппонча. Йигитлар ўртасида жамоавий баҳс:
1. Ҳиндистон
2. Ўзбекистон (Муҳаммад Камолов, Вениамин Никитин, Умидбек Камолбеков)
3. Италия
Шу тариқа, ҳамюртларимиз учун мазкур мусобақа якунланди. Унда терма жамоамиз 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. Бундан аввал Муҳаммад Камолов ушбу йўналишнинг яккалик дастурида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган эди. Янада аҳамиятлиси, турнир Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси учун ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубогида қўлга киритилган илк медаллар билан ёдда қоладиган бўлди.
Энди жамоамиз Озарбайжоннинг Габала шаҳрига йўл олади ва у ерда ўқув-машғулот йиғинини ўтказади. Машғулотлар якунлангач, спортчиларимиз Габаланинг ўзида 20-27 май кунлари халқаро турнирда, ундан кейин 27 май – 7 июнь кунлари Боку шаҳрида катталар ўртасидаги Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичида иштирок этишади.