Ру En O'z
13 Май 2022 1699

Россиялик профессор иштирокида шифокорларимиз учун семинар ва маҳорат сабоқлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ва Москва шаҳрида жойлашган “Ортоспайн” клиникаси ҳамкорлигида “Бел оғриғи билан касалланган беморларда ҳаёт сифати” мавзусида илмий-амалий анжуман ва маҳорат сабоқлари ўтказилмоқда. Мазкур тадбирлар жорий йилнинг 13-14 май кунлари Россиянинг "Спинной мозг" жамияти президенти, Россия, Европа ва жаҳон нейрохирургия ассоциацияси аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Владимирович Басков томонидан олиб борилмоқда.

Бугун МОҚ мажлислар залида семинарнинг очилиш қисми бўлиб ўтди. Унда РСТИАМ директори Камол Сирожитдинов, Марказ ҳамда терма жамоаларимизда фаолият олиб бораётган шифокорлар, кўнгилли тингловчилар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Ушбу ўқув дастури бел соҳаси билан оғриган беморларнинг саломатликларини тиклаш имкониятларини оширишга қаратилган.

Хорижлик мутахассис таъкидлаганидек, ҳозирда Ўзбекистон ва Россияда умуртқа поғонаси билан боғлиқ муаммолар учун жарроҳлик амалиётининг аралашуви кўп кузатилмайди. Андрей Владимировичнинг фикрича бу тўғри йўл.

“Ҳар бир жарроҳлик амалиёти билан инсон танаси шок ҳолатига тушади. Биз, тиббиёт вакиллари, қайси ҳолатда операция қилиш яхшироқ, қайси бирида ундан қочиш кераклигини билишимиз ва вазиятни чуқур ўрганишимиз керак. Бу жуда муҳим мавзу бўлиш билан бирга замонавий дунёда долзарб масаладир. Спорт тиббиёти вакиллари ҳам бу борада яхши билимга эга бўлишлари лозим. Зеро, спортчиларнинг саломатлиги, тўғри ҳаёт кечириши сизнинг қўлингизда”, – деди профессор.

Бундан ташқари, мазкур курслар консерватив терапия ва минимал-инвазив умуртқа поғонаси жарроҳлиги бўйича кўрсатмаларга аниқлик киритиш, бел соҳаси билан оғриган беморлар учун нейрохирург-вертебролог консультацияларда қатнашиш имконини беради. Илмий-амалий семинар эртага ўз ишини якунлайди.

Text to speech