Ру En O'z
12 Май 2022 1885

Ханчжоу-2022 бошқа муддатга кўчирилди. Энди терма жамоаларда тайёргарлик қандай кечади? 

6 май куни Тошкентда ўтган Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилишида жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтиши кутилган Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари бошқа муддатга кўчирилганидан хабарингиз бор. Бугун МОҚда мазкур вазият юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Шерзод Ташматов, МОҚ раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, шунингдек, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари иштирок этишди. 

Йиғилишни Шаҳрулло Маҳмудов очиб берди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр билдирди. 

“Осиё ўйинларининг қолдирилгани кайфиятимизга таъсир этмаслиги керак. Чунки йил давомида бизни Осиё ва жаҳон чемпионати, ҳар бир спорт туридаги бошқа нуфузли мусобақалар ва Ислом бирдамлиги ўйинлари кутиб турибди. Эндиги тайёргарлигимиз мазкур мусобақаларга қаратилади. Туркияда ўтадиган Ислом бирдамлиги ўйинлари Париж-2024 Олимпиадасига олиб бораётган ҳозирлигимиз қандай кетаётганини кўрсатиб беради. Бу комплекс мусобақанинг борлиги биз учун жуда қулай бўлди. Шу боис тайёргарликни асло сусайтирмаслик лозим”, – деди Ш.Маҳмудов. 

Шундан сўнг Ойбек Касимов давлат томонидан ажратиладиган бюджет маблағлари, уларни мақсадли сарфлаш бўйича қўшимча қилди: 

“Давлатимиз томонидан федерацияларимизни молиялаштириш бўйича ажратилган аниқ маблағ мавжуд. Бундан кейин ҳам уни мақсадли сарфлашда давом этамиз. Терма жамоаларимиз мунтазам ўқув-машғулот йиғинларида бўлишларини, халқаро мусобақалардаги иштирокларини таъминлаймиз. Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов мазкур йиғилишда олдимизда турган режаларни белгилаб олишимизни сўрадилар. Президентимиз ва ҳукуматимиз бизни қўллаб-қувватламоқда. Таъкидланганидек, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларининг қолдирилиши ишимиз тўхтаб қолишини англатмайди”. 

Шерзод Ташматов Ислом бирдамлиги ўйинларининг аҳамияти, унда олдимизга қўйилажак мақсадлар ҳақида тўхталди. 

“Атлетларимизнинг тайёргарлиги, жисмоний ҳолати ва спорт формасини назоратда ушлаб туришимиз, бу орқали Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарликни босқичма-босқич давом эттиришимиз керак. Ҳар бир терма жамоаларимизнинг натижаларини таҳлил қилиб борамиз. Бу йил Ислом бирдамлиги ўйинлари биз учун муҳим. 2017 йил ушбу мусобақада умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринни эгаллаган бўлсак, бу гал камида иккинчи поғонани кўзлаб ҳаракат қиламиз. Ушбу стартга ҳам 3 ой вақт қолди. Ҳар бир федерациядан унда иштирок этадиган атлетлар рўйхатини шакллантириб олишларини сўраб қоламиз”, – деди МОҚ раиси ўринбосари. 

Йиғилиш давомида Равшан Ирматов ҳамжиҳатликда, ўзаро тажриба алмашган ҳолда йилнинг бошқа мусобақаларига тайёрланиш, бир вақтнинг ўзида ҳудудлардаги мураббий ва ҳакамларнинг малакасири ошириб бориш бўйича фикр билдирди.

Якунда мутасаддилар томонидан жорий йил иштирок этиладиган мусобақалар режасини қайта тузиб чиқиш, федерациялардаги қарздорлик ҳолати, йил якунигача бўлган тахминий сарф-харажатлар сметасини шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.

Text to speech