Грецияда ўтган ЖЧ қаҳрамонлари юртимизга қайтиб келишди
Грециянинг Ираклион шаҳрида ўтган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган терма жамоамиз Ватанимизга қайтиб келди. Спортчи ва мураббийларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Тадбирда Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ходимлари, спортчи ва мураббийларимизнинг яқинлари иштирок этишди. Мутасаддилар мусобақа қаҳрамонларини кутиб олишар экан, улар қайд этган натижа ёшларимиз орасида ушбу спортнинг янада оммалашиши йўлида хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Эслатиб ўтамиз, 2-10 май кунлари ўтган мусобақада 6 нафар спортчи билан қатнашган терма жамоамиз 5 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида 62 мамлакат орасида учинчи ўринни қўлга киритган.