Ру En O'z
11 Май 2022 1621

Ираклионда ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати ҳақидаги қизиқарли фактлар

2-10 май кунлари Грециянинг Ираклион шаҳрида ёшлар ўртасида навбатдаги дунё биринчилиги ўтказилди. 62 мамлакатдан 300 нафардан ортиқ ёш оғир атлетика юлдузлари қатнашган мусобақада ҳамюртларимиз муносиб иштирок этиб, 5 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Келинг, аввало ушбу мусобақада қатнашган спортчиларимизнинг қайд этган натижаларига тўхталсак. Мусобақада иштирок этган 6 атлетимизнинг 5 нафари медаль қўлга киритди. Бу эса Ираклион сафарига энг оптимал таркиб йўл олганини кўрсатмоқда.

-55 кг: Жамила Панфилова (2 та бронза)
-73 кг: Оғабек Тўхтаев (4-ўрин)
-89 кг: Ҳожиакбар Олимов (1 та кумуш)
-102 кг: Шарофиддин Амриддинов (2 та олтин, 1 та кумуш)
-87 кг: Турсуной Жабборова (3 та олтин)
+109 кг: Мирҳосил Мирзабоев (3 та кумуш)

Ушбу натижа билан 62 давлат ичида умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни қўлга киритдик.

Рекордлар. Мусобақа давомида 4 нафар спортчи 5 та ёшлар тоифасидаги жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Украиналик Богдан Хоза -109 кг вазн тоифасининг даст кўтариш машқида дастлаб 191 кг билан мусобақагача рекордни янгилаган бўлса, кейинги уринишда 195 кг билан ўз кўрсаткичини мустаҳкамлади. Қоидага кўра, ҳар икки чиқиш ҳам янги рекорд сифатида қайд этилган. Мусобақада янгиланган барча жаҳон рекордлари:

-61 кг: Хэмптон Моррис (АҚШ) – 160 кг (янги рекорд), силтаб кўтариш (машқ);
-73 кг: Ризқи Жуниансях (Индонезия) – 156 кг, даст кўтариш;
-109 кг: Богдан Хоза (Украина) – 191 кг, даст кўтариш;
-109 кг: Богдан Хоза (Украина) – 195 кг, даст кўтариш;
+109 кг: Алиризо Юсуфи (Эрон) – 239 кг, силтаб кўтариш.

Энг яхшилар. Оғир атлетика спортида энг яхши спортчилар улар қайд этган кўрсаткичнинг тоифадаги стандартларга нисбати ва бир қанча шунга ўхшаш йўналишлар инобатга олинган ҳолда аниқлаб олинади. Бу борада қизлар ўртасида 55 кг вазнда бельгиялик Нина Стеркх, йигитлар тоифасида эса икки жаҳон рекорди муаллифи Богдан Хоза мусобақанинг энг яхши спортчиси деб топилди.

Шу тариқа, Ираклиондаги чемпионат юқори натижалар билан тарихда қолди. Унда иштирок этган терма жамоамиз 12 майга ўтар кечаси 01:05 да Истанбул-Тошкент йўналиши билан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига етиб келади.

Text to speech