Ру En O'z
11 Май 2022 1804

Камончиларимиз Осиё кубогида чемпион бўлишди

Ироқнинг Сулаймония шаҳрида камондан отиш бўйича Осиё кубогининг навбатдаги босқичи якунига етди. Унда иштирок этган терма жамоамиз 1 та олтин ва 2 та бронза медалига сазовор бўлди.

Микст дастурида чорак финалда БАА, ярим финалда Қозоғистон термасини мағлуб этган мерганларимизнинг финалда ҳиндистонлик рақибларини 5:4 ҳисобида доғда қолдиргани кўпчилик мутахассисларнинг эътиборига тушди. Шу тариқа, Зиёда Абдусатторова ҳамда Амирхон Содиқов жуфтлигининг иродали ғалабаси шарафига Ўзбекистон мадҳияси янгради.

Шунингдек, бронза медали учун жамоавий дастурда кечган баҳсда йигитларимиз Эрон термасини 6:0, қизларимиз қозоғистонлик рақибаларини 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Афсуски, яккалик дастурида ушбу босқичда ҳиндистонлик Салунке Сушант билан беллашган Амирхон Содиқовга бироз омад етишмади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси терма жамоамизнинг Осиё кубогида қўлга киритган муваффақияти билан Ўзбекистон камондан отиш федерацияси, спортчи ва мураббийларимизни муборакбод этади.

Text to speech