Германияда кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун турнир ўтказилди
Германиянинг Франкфурт шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир муваффақиятли ўтказилди.
Кўҳна қитъанинг 20 дан ошиқ давлатидан полвонлар иштирок этган ушбу мусобақада эркаклар +81 кг, аёллар +63 кг вазн тоифасида умумий мукофот жамғармаси 10 минг евро бўлган турнир ғолиблиги учун кураш олиб боришди.
Азалий қадриятларимиз тарғиботи, миллий спортимиз курашнинг халқаро ривожи йўлида муҳим бўлган ушбу мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Халқаро кураш ассоциацияси, Европа кураш конфедерацияси, Ўзбекистон ва Германия кураш федерацияси ходимлари, Германияда фаолият юритаётган бир қатор давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари иштирок этиб, ўзбек спортининг жозибасидан, кураш усулларидан баҳра олишди.
Беллашувлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, +63 кгдаги қизлар баҳсида польшалик Сандра Лискин барча рақибаларига имкон қолдирмади ва қизлар ўртасидаги баҳсларда бош совринга эга чиқди. Эркаклар ўртасидаги мусобақада эса Сербия полвони Александр Колобикка омад кулиб боқди.
Ўз вазнларида 1-ўринни эгаллаган спортчилар 2500, 2-ўрин соҳиблари 1500 ва 3-ўриндан жой олган курашчилар 500 евро миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.
Натижалар эса қўйидагича:
Аёллар, + 63кг
1. Сандра Лискин (Польша)
2. Зубави Сиене Гедутите (Латвия)
3. Подлениский Лорена (Руминия)
3. Гуласал Ҳайдарова (Ўзбекистон)
Эркаклар, +81 кг
1. Александр Колобик (Сербия)
2. Шоҳруҳ Усмонов (Ўзбекистон)
3. Мартин Жоната (Словакия)
3. Жан Никлос Голдҳаммер (Германия)