Ру En O'z
9 Май 2022 2713

Шарофиддин Амриддинов жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди

Грециядан хушхабар. Ҳозиргина Ираклион шаҳрида ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида йигитлар ўртасида -102 кг вазн тоифасидаги баҳслар ҳамюртимиз Шарофиддин Амриддиновнинг ғалабаси билан якунланди.

Полвонимиз даст кўтариш машқида 168 кг натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Силтаб кўтариш машқида эса 204 кг олтин медални нақд қилди. Эътиборлиси, ҳар икки машқ якунида 372 кг натижа қайд этган полвонимиз чемпионликни тантана қилди.

Оғир атлетика бўйича U-20 ЖЧ
Йигитлар, -102 кг:
1. Шарофиддин Амриддинов (Ўзбекистон) – 372 (168+204) кг
2. Петрос Петросян (Арманистон) – 363 (161+202) кг
3. Муҳаммад Ҳамада (Фаластин) – 361 (168+193) кг

Қайд этиш жоиз, ушбу вазн Олимпиада чемпионлари Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраев иштирок этадиган тоифага жуда яқин. Ёш ўғлонимизнинг ушбу ғалабаси оғир вазн тоифасида яна бир ўзбек йигитининг катта саҳнага чиқаётгани, Нурудинов ва Жўраевга муносиб ўриндош етишиб чиқаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу олтин медаль билан Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси, спортчимиз ва унинг мураббийини табриклаб, бир оздан сўнг иштирок этадиган Турсуной Жабборовага ҳам чиройли ғалабалар тилаб қолади.

Text to speech