Ўзбекистон ва Саудия Арабистони мамлакатлари ўртасидаги дўстона алоқалар спорт соҳасида янада мустаҳкамланмоқда
Тошкентда ўтказилган Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши иштирокчи давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим учрашувларга бой бўлди. Йиғилиш доирасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбирда ООК вице-президенти, Саудия Арабистони спорт вазири, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раиси Шаҳзода Абдулазиз бин Турки Ал Файсал, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон МПҚ раиси Мухторхон Ташходжаев иштирок этишди.
Қайд этиш жоиз, ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Саудия Арабистони мамлакатлари ўртасидаги дўстона алоқаларнинг спорт йўналишида янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Унга кўра, ҳар икки мамлакат терма жамоалари йирик комплекс мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатларига тайёргарлик доирасида қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ўтказишади, спорт тиббиёти, фармакологияси, илм-фан йўналишларида қўлга киритилган сўнгги ютуқлар асосида тажриба алмашишади.
Саудия Арабистони сўнгги йилларда кўплаб мусобақаларни ўзида қабул қилмоқда. Жумладан, мамлакат пойтахти Ар-Риёд 2034 йилги Осиё ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган. Меморандумига мувофиқ, мамлакатлар “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинлари ҳамда “Ар-Риёд-2034” XXII Осиё ва VII Параосиё ўйинларига тайёргарлик доирасида ўзаро ҳамкорлик қилишади.