Тошкентда илк бор ўтган ООК Ижроия қўмитасининг йиғилиши жаҳон нашрлари эътибор марказида бўлди
Пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида ўтган Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши ташкилот томонидан чиқарилган аҳамиятли қарорлар билан ёдда қолди ва жаҳоннинг кўплаб нашрлари диққатида турди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, Халқаро Олимпия қўмитаси ва кўплаб халқаро спорт ташкилотлари мутасаддилари иштирок этишди.
Тадбирда дастлаб 2025 йил Тошкентда ўтказиладиган ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича тақдимот лойиҳаси намойиш этилди. Меҳмонлар видеоролик ва макет мисолида кўрсатилган лойиҳани катта қизиқиш билан томоша қилишди. Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида қад ростлайдиган спорт объектлари, меҳмонлар учун яратиладиган шароитлар, транспорт-логистика тизими, бир сўз билан айтганда Президентимиз ташаббуси билан қад ростлайдиган Олимпия шаҳарчасининг лойиҳаси барчада илиқ таассурот қолдирди.
Йиғилиш давомида ООК раҳбариятига мамлакатимиз билан йўлга қўйилган чуқур ҳамкорлик эътирофи сифатида “Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллик ордени" тантанали равишда топширилди. Мукофотни Абдужаббор Абдувоҳидов ООКнинг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингхга, ООК вице-президенти Отабек Умаров ООК Бош директори, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) президенти Ҳусайн Ал Мусалламга тақдим қилди. Ўз навбатида, ООК расмийлари Ўзбекистон МОҚни 30 йиллик байрами билан муборакбод этиб, мамлакатимиз билан йўлга қўйилган ҳамкорлик келгусида ҳам дўстона руҳда давом этишини таъкидлашди.
Шундан сўнг жорий йил қитъамизда ўтадиган муҳим мусобақалар режаси кўриб чиқилди. Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган қарор 10-25 сентябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтиши кўзда тутилган XIX Осиё ва IV Параосиё ўйинларининг қолдирилгани бўлди. Боиси бутун қитъамиз "Осиё Олимпиадаси"га катта масштабда тайёргарлик кўраётган эди. Унинг бошқа муддатга қолдирилиши ҳақидаги янгилик халқаро нашрларнинг бош саҳифаларидан жой олмоқда. Мусобақанинг янги саналари яқин вақт ичида расман эълон қилинади.
Шунингдек, декабрь ойида ўтиши белгиланган Шантоу-2021 ёшлар Осиё ўйинлари иккинчи бор қолдирилаётгани учун бутунлай бекор қилинди. Тошкентда ўтадиган 2025 йилги мусобақа IV ёшлар Осиё ўйинлари сифатида ўз мақомини сақлаб қолади.