Ру En O'z
5 Май 2022 1663

Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти МОҚда меҳмон бўлишди

Хабар берганимиздек, айни пайтда Осиё Олимпия кенгаши (ООК) раҳбарияти ташкилот Ижроия қўмитасининг йиғилишини ўтказиш ва Ўзбекистон МОҚнинг 30 йиллик тантанасини нишонлаш учун пойтахтимизда меҳмон бўлиб турибди. Бугун ООКнинг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингх ва ООК бош директори, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам МОҚга ташриф буюришди. Мартабали меҳмонлари Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов қарши олдилар. Мутасаддилар меҳмонлар учун Қўмита биноси бўйлаб кичик саёҳат ташкил қилишди ва уларни ўзбек спорти тарихи билан яқиндан таништиришди. Шундан сўнг расмийлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

“Президентимиз ўзлари барпо этаётган Янги Ўзбекистон келажагини жисмонан соғлом авлод билан қурмоқдалар. Бу борада аҳоли ва ёшларимизнинг оммавий спорт билан шуғулланишлари учун барча ҳудудларда зарур шароитлар яратилган. Қолаверса, профессионал спорт ривожига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Терма жамоаларимизнинг моддий-техник базасини кучайтириш, спорт фармакологияси, тиббиёти бўйича сўнгги ютуқларни татбиқ қилиш, ҳудудларда кучли селекция ишларини йўлга қўйиш борасида кучли тизим ишламоқда”, – деди Адҳам Икрамов.

Ўз навбатида, расмийлар мамлакатимиз билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни амалга оширишда биргаликда ишлашдан мамнун эканликларини билдирдилар.

Шундан сўнг мутасаддилар Ижроия қўмитасининг йиғилишига олиб борилаётган тайёргарлик, унинг кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашишди. Унга кўра, эртага бўлиб ўтадиган йиғилишда Ханчжоу-2022 XIX Осиё ўйинлари, Шантоу-2021 ўсмирлар Осиё ўйинларига тайёргарликнинг ҳолати, ҳар икки мусобақа ташкилий қўмитасининг эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда қандай талаблар қўйиши маълум қилинади.

Шунингдек, Ойбек Касимов Ўзбекистон томони “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича тайёрлаган тақдимот лойиҳаси намойиш этилишини таъкидлади.

Олдинда кутилаётган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилингач Ижроия қўмитасининг йиғилиши ўз ишини якунлайди. Шундан сўнг Ўзбекистон МОҚ ташкил этилганининг 30 йиллик тантанали тадбири бўлиб ўтади.

Text to speech