Мамлакатимизда Бутунжаҳон ёшлар виртуал фестивалини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди
Спорт орқали бирлашиш ташкилоти президенти Стивен Фокс яқинлашиб келаётган Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитаси йиғилиши ҳамда Ўзбекистон МОҚнинг 30 йиллик тантанали кечасининг фахрий меҳмонларидан ҳисобланади. Бугун юртимизга етиб келган ушбу расмийни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов кутиб олди.
Шундан сўнг Стивен Фокс Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида меҳмон бўлди. Ташриф давомида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов иштирокида учрашув ўтказилиб, мамлакатимизда ташкилот билан ҳамкорликда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида фикр алмашилди.
Спорт орқали бирлашиш ташкилоти ўз шафелигида Бутунжаҳон ёшлар виртуал фестивалини ўтказади. Суҳбатнинг бош мавзуси мазкур фестивалнинг бу йилги тадбирини Ўзбекистонда ўтказиш масаласи бўлди. Дўстона ўтган учрашувда мутасаддилар бу борадаги фикрларини билдириб ўтишди.
“Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни барпо этишда унинг муҳим йўналишларидан бири жисмонан соғлом, маънавий ва интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, ўз Ватанига садоқатли ёшларни тарбиялаш этиб белгиланган. Бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар ҳаётий қарашлари мустаҳкам ёш авлоднинг ижтимоий фаоллигини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган”, – деди Адҳам Икрамов.
Суҳбатда Адҳам Илҳамович ҳамкорликнинг кейинги босқичидаги лойиҳалар катта қизиқиш билан кўриб чиқилишини билдирди. Фестиваль ўтган йили Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилди. Мазкур тадбир Халқаро Олимпия қўмитаси, Халқаро Паралимпия қўмитаси, Махсус Олимпиадалар ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар ҳомийлигида бутун дунёдаги болаларнинг ижтимоий тенглигини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилади. Унинг бу йилги тадбирлари мамлакатимизда “Ўзбекистондан бутун жаҳонга” шиори остида ташкил этилиши режалаштирилган.