Ру En O'z
4 Май 2022 1876

Осиё Олимпия кенгашининг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингх Тошкентга ташриф буюрди

6 май куни пойтахтимизда Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг йиғилиши ва Ўзбекистон МОҚ ташкил этилганининг 30 йиллик байрам дастури бўлиб ўтади. Мазкур тадбирларнинг фахрий меҳмони, ООКнинг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингх Тошкентга келди.

Мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов кутиб олишди.

“Биз Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллик шодиёнасини дўстларимиз билан биргаликда нишонлаш учун ташриф буюрдик. Ижроия қўмита йиғилишида бизни олдинда кутаётган Осиё ўйинларига тайёргарлик режаларини муҳокама қиламиз. Қитъамизда Олимпия ҳаракатининг истиқболлари ҳақида фикр алмашамиз. Биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевни мамлакатингизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари билан қутлаб ўтмоқчиман. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси билан жуда яқин ҳамкорлик алоқаларимиз бор. Шунингдек, ташрифимиз давомида 2025 йил Тошкентда ўтадиган IV ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик режаларини ҳам кўриб чиқамиз”, – дея ўз фикрларини билдирди Ража Рандхир Сингх жаноблари.

Қайд этиш жоиз, ООК Ижроия қўмитасининг йиғилиши биринчи бор Тошкентда ташкил этилмоқда. Унда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари, Шантоу-2021 III ёшлар Осиё ўйинларининг ташкилий масалалари юзасидан муҳокамалар ўтказилади. Шунингдек, йиғилиш кун тартибидан “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарликнинг тақдимот лойиҳаси ўрин олган. Қитъамиз спортига оид муҳим масалалар муҳокама қилинадиган тадбирда 30 га яқин мамлакат вакиллари қатнашади.

Text to speech