Дилноза Бакирова ҳамда Шоҳсанам Тошпўлатовани табриклаймиз!
Бугун каратэ WKF бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Дилноза Бакирова ҳамда пара-сузиш бўйича 3 карра Паралимпия ўйинлари совриндори Шоҳсанам Тошпўлатова ўз таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.
Дилноза Бакирова 1986 йил 4 май куни таваллуд топган. Спортчилик фаолияти давомида бир қатор муваффақиятларга эришган кун қаҳрамони эндиликда терма жамоа мураббийлар штабида фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда каратэчиларимизни йилнинг энг муҳим старти – Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёрламоқда.
Шоҳсанам Тошпўлатова 1997 йил 4 май куни Андижон вилоятида таваллуд топган. Пара-сузиш бўйича жаҳон чемпионати ва жаҳон кубокларида бир неча бор шоҳсупага кўтарилган. 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган Паралимпия ўйинларида 2 та бронза медалини қўлга киритиб, делегациямизнинг оламшумул ғалабасига ўз ҳиссасини қўшган. Тошпўлатова, шунингдек, Индонезияда ўтган Пара-Осиё ўйинларида ҳам бир неча бор чемпионлик унвонига эга бўлди. Ўтган йил Токио-2020 Паралимпия ўйинларида ҳам учинчи ўринни қўлга киритган. Қайд этган натижалари эвазига давлатимиз томонидан “Жасорат” медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки вакилимизни бугунги таваллуд айёми билан муборакбод этиб, уларга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.