Светлана Осипова ҳамда Алибек Темургалиевни табриклаймиз!
Бугун таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Светлана Осипова ҳамда слаломчимиз Алибек Темургалиев таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.
Светлана Осипова 2000 йил 3 май куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган. Осипова аёллар ўртасида энг юқори вазн тоифасида (+73 кг) қатор ғалабаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2017 йил Жанг санъати ва ёпиқ иншоотдаги Осиё ўйинлари, Ислом бирдамлик ўйинлари совриндори бўлди. 2018 йил эса Осиё ўйинлари бронза медали соҳибасига айланди. Маҳоратли таэквондочимиз 2019 йил Япониянинг Чиба шаҳрида ўтказилган Гран-при турнирида ҳам шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлган. Токио-2020 Олимпия ўйинлари иштирокчиси.
Алибек Темургалиев 1994 йил бугунги санада дунёга келган. Каноэ слаломида эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Фаолияти давомида Осиё ўйинлари, Жаҳон кубоги босқичларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган. Жорий йил Таиландда ўтган Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Светлана Осипова ҳамда Алибек Темургалиевни таваллуд айёми билан табриклаб, уларга янада улкан муваффақиятлар, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.