Ру En O'z
30 Апрель 2022 1231

Юлдузли таркиб билан Тошкентга келган озарбайжонлик таэквондочилар Ўзбекистон терма жамоаси билан қўшма йиғинга киришди

28 апрель куни таэквондо бўйича Озарбайжон терма жамоаси ҳамюртларимиз билан қўшма ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун пойтахтимизга етиб келди. Кечадан бошлаб спортчилар дастлабки машғулотни бошлаган бўлсалар, айни пайтда жараён жуда қизғин давом этмоқда. Ҳар икки терма жамоа ушбу йиғин орқали ўз минтақаларида ўтадиган қитъа чемпионатларига ҳозирлик кўрмоқда.

Павел Хан мураббийлигидаги жамоамиз таркибида Токио-2020 чемпиони Улуғбек Рашитов, икки карра ЖЧ финалчиси Никита Рафалович, Токио-2020 иштирокчиси Светлана Осипова, Осиё ўйинлари совриндори Нияз Полатов каби таэквондочиларимизни учратиш мумкин.

Шу ўринда меҳмонлар таркибига ва нима учун айнан озарбайжонликлар спарринг шерик этиб танланганига изоҳ бериб ўтсак. Тошкентга келган терма жамоа таркибида Рио-2016 чемпиони, 2015 йилги жаҳон чемпиони, икки карра Европа чемпиони Радик Исаев, Рио-2016 бронза медали соҳиби, икки карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони Милад Бейги Харчегани, 2016 йилги Олимпиада ўйинлари бронза медали соҳибаси, Европа чемпионати кумуш медали совриндори Патимат Абакарова ҳамда икки марта жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган Фарида Азизова каби жаҳон таэквондо юлдузлари ҳам бор. Бу каби совриндор номлар мазкур мамлакат таэквондо оламида қанчалик қудратли эканини англатмоқда.

Дастлабки кунларда мураббийлар штаби спортчиларнинг техник маҳоратларини яхшилаб олишни мақсад қилишган. Йиғин давомида 3 бор ҳар икки терма жамоа вакиллари ўртасида спарринг жанглари ўтказилади. Сўнгги қўшма машғулот 7 май кунига белгиланган ва 8 май санасида меҳмонлар ўз юртларига қайтиб кетишади.

Text to speech