Фахрийларимизга байрам арафаси эҳтиром кўрсатилди
Маълумки, юртимизда ҳар бир соҳа қатори жисмоний тарбия ва спорт тараққиёти йўлида хизмат қилган фахрийларимизнинг ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қатор дастурлар амалга ошириб келинади. Айниқса, 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида бу каби хайрли ишларга қўл уриш яхши анъана тусига кирган. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ўзбек спортида кўп йиллар самарали иш олиб борган фахрий устозлар жам бўлишди.
Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ташаббуси билан ўтган бугунги тадбирда 83 нафар фахрийларимизга моддий ёрдам кўрсатилди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, МОҚ ходимлари ва ўзбек спортининг энг сара “олтин генфонди” иштирок этди.
Тадбирни Ойбек Касимов очиб берди ва кириб келаётган қўшалоқ байрамлар билан барчани қутлади.
“Азиз устозларимизни, фидойи фахрийларимизни яна бир бор Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида кўриб турганимиздан бағоят мамнунмиз. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни кириб келаётган байрамлар билан қутлаб қоламиз. Ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилавий тинчлик-хотиржамлик тилаймиз”, – деди О.Касимов.
Ўз навбатида, Шерзод Ташматов фахрийларимизнинг ўзбек спортининг бугунги муваффақиятлари замиридаги хизматларини алоҳида таъкидлади.
“Биз бугун эришаётган улкан ғалабалар ортида Сизларнинг меҳнатингиз турибди. Ўз даврида Сиз қўйган тамал тоши билан ҳозир шундай чўққиларни забт этяпмиз. Бунинг учун яна бир бор барчангизга ташаккур айтамиз”, – деди МОҚ раиси ўринбосари.
Шундан сўнг, Баҳодир Махситов МОҚ раҳбарлари бошчилигида фахрийларимиз учун ажратилган совғаларни ўз эгаларига топширишди. Қайд этиш жоиз, йиллар давомида катта меҳнат йўлини босиб ўтган фидойиларимиз бугунги фароғат даврида давлатимиз кўрсатаётган бундай ғамхўрликдан чексиз мамнун эканликларини билдиришди. Турли сабабларга кўра бугунги тадбирга етиб кела олмаган фахрийларимизга ажратилган совғалар уларнинг уйларига элтиб берилади.