Ру En O'z
28 Апрель 2022 1398

Тошкент вилояти ҳокимидан велоспортчиларимизга ажойиб совға

Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбарияти иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев, федерациянинг вилоят бўлими мутасаддилари ва ёш велосипедчиларимиз иштирок этишди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон велосипед спорти федерация фаолиятини янада ривожлантириш, атлетларимизнинг халқаро майдондаги натижаларини юксалтириш, бу борада уларга рағбат ва эътибор кўрсатиш мақсадида вилоят раҳбари спортчилар билан самимий суҳбатлашди, ўз фикр ва тавсияларини берди. Уларнинг орзу-умидлари, мақсадлари билан қизиқди.

Хусусан, уларнинг ҳар бирига (жами 40 нафар) Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ва бошқа йирик мусобақаларда муносиб иштирок этиши ва юқори натижаларга эришишига кўмаклашиш мақсадида янги велосипедлар совға қилинди.

Мазкур учрашув давомида Ўзбекистон велосипед федерацияси Тошкент вилояти бўлимининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун "Damas" автомобили ҳам тантанали равишда топширилди.

“Вилоятимизда спортнинг, шу жумладан, велоспортнинг оммалашиши ва ривожланиши учун барча имкониятлар яратиб бериляпти. Бундай эътибор бизга янада куч беради. Билдирилаётган ишончни амалдаги натижаларимиз билан оқлашга сўз берамиз”, – дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди ёш спортчи Элдор Эсонов.

Text to speech