Ру En O'z
27 Апрель 2022 1487

“Олимпия спортида замонавий илм-фан” конференцияси қизғин мунозараларга бой ўтди

Маълум қилганимиздек, бугун “ZOOM” платформаси орқали “Олимпия спортида замонавий илм-фан” мавзусидаги халқаро илмий анжуман ўтказилди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, педагогика фанлари доктори, профессор Фикрат Керимов, Германия, Украина, Беларусь, Россия ва Исроил давлатларидан уланган, шунингдек, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган олимлар иштирок этишди. 

Анжуманда маърузачилар юқори маҳоратли атлетларни тарбиялаш, кучли захира вакилларини тайёрлашнинг кўп йиллик замонавий тизими, жисмоний тайёргарлик жараёнида тиббий-биологик ва допингга қарши таъминот, психологик тайёргарлик, талаба ёшларнинг соғлом турмуш тарзи ва ҳаракат фаоллигининг муаммолари каби мавзуларда тайёрлаган тақдимотларини намойиш қилдилар. 

Ўз ўрнида, Ойбек Касимов бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши, ўзаро тажриба алмашиш янги ютуқларнинг кафолати эканини таъкидлади. 

“Барчангиз билан ушбу илмий анжуманда кўришиб турганимдан бағоят мамнунман. Конференциямиз спорт илмининг долзарб масалалари, шунингдек, Олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибаси бўйича фикр алмашиш имкониятини яратишга мўлжалланган ўзига хос мунозара майдонидир. Бугунги кунга келиб, спорт илм-фанини ривожлантиришга мамлакатимизда катта эътибор қаратилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт бўйича юқори малакали мутахассисларни, улкан тажрибага эга спортчиларни тайёрлаш биргина таълим муассасаси, вазирлик ёки МОҚ эмас, балки давлатимиздаги бутун спорт тизимининг вазифаси эканини англаш зарур. Умид қиламизки, илмий маърузалар самарали ва конструктив муҳокамалар билан бирга ўтиб, келгусида янги ютуқларга эришингиз йўлида ўз самарасини беради”, – деди МОҚ Бош котиби. 

Анжуман давомида олимлар чиройли тақдимотлар ёрдамида ўз билимлари билан улашишди. Ҳар бир мавзу якунида иштирокчилар қизғин баҳс-мунозаралар ўтказиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Бундай тадбирлар келгусида нафақат хорижлик, балки маҳаллий мутахассисларимиз учун ҳам атлетларимизни халқаро мусобақаларга тайёрлашда катта ёрдам беришига ишонамиз.

Text to speech