Расмийлар юртимиздаги от спорти ривожига ижобий баҳо беришди
25-26 апрель кунлари Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро от спорти федерацияси (FEI)нинг 100 йиллигига бағишланган форум бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли спорт тадбирида халқаро федерацияга аъзо бўлган барча миллий федерация вакиллари иштирок этишди. Анжуманда ушбу спорт турининг учкураш, от йўрттириш дастурлари (пара-атлетлар учун ҳам), шунингдек, ветеринария йўналишларидаги қоидаларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар қабул қилинди.
Унда мамлакатимиз номидан Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Бахромжон Газиев қатнашди. Баҳромжон Валижонович маросим давомида Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Халқаро от спорти федерацияси президенти Ингмар де Вос, Халқаро от спорти федерацияси Бош котиби Сабрина Ибанез ва бошқа мартабали шахслар билан учрашиб, юртимизда ушбу спорт турини янада ривожлантириш борасида қатор истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди. Суҳбат давомида мутасаддилар мамлакатимизда от спортининг тобора оммалашиб бораётгани, Ўзбекистоннинг кўплаб халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этаётгани ҳақида илиқ фикрлар билдирдилар. Бу ҳақида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси маълум қилди.
Халқаро форум ўз иши давомида қатор масалаларни кўриб чиқди. Ўз йўналишининг энг профессионал мутахассислари қоидаларга ўзгартириш киритиш бўйича миллий федерацияларнинг таклифларини қабул қилиб олдилар. Тадбирда бу борадаги якуний қарор Халқаро от спорти федерациянинг жорий йил октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтадиган Бош Ассамблеясида эълон қилиниши таъкидланди.