Камончиларимиз Жаҳон кубогида кучли ўнликдан жой олишди
Туркияда камондан отиш бўйича Жаҳон кубогининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Анталья шаҳрида ўтган мусобақа ҳамюртларимиз учун эсда қоларли таассуротлар билан якунланди.
100 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун кураш олиб борган эркаклар ўртасидаги баҳсларда ҳамюртимиз Чен Яо Юй халқаро тоифадаги спорт устаси талабини бажарди. Терма жамоамизнинг яна бир вакили Амирхон Содиқов эса тўққизинчи поғонадан жой олди. Қайд этиш жоиз, Содиқов ҳозирда жаҳон рейтингида 73-поғонани эгаллаб турибди. Мусобақанинг аёллар ўртасидаги натижаларига тўхталадиган бўлсак, Зиёдахон Абдусатторова 88 спортчи орасида 33-натижани қайд этди.
Камондан отиш бўйича Жаҳон кубоги беллашувлари 4 босқичдан иборат бўлиб, иккинчи босқич 16-22 май кунлари Шанхай, учинчи босқич 20-26 июнь кунлари Париж, якуний босқич 18-24 июль оралиғида Медельин шаҳарларида ўтказилиши кўзда тутилган.