Ру En O'z
25 Апрель 2022 3519

Ўзбекистон стол тенниси федерациясига янги раҳбар сайланди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерацияга янги раҳбар сайлаш кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Азизжон Камилов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Федерациянинг ҳудудий вакиллари иштирок этишди. 

Йиғилишни Ойбек Касимов олиб борди. Даставвал, шу давргача Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси лавозимида ишлаб келган Саида Маҳмудованинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди ва делегатлар томонидан қаноатлантирилди.

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги асосий масалага ўтилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Давлятович Кудбиевнинг номзоди Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси лавозимига таклиф этилди ва конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. Шу тариқа Шерзод Кудбиев Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси этиб сайланди.  

Маълумот учун, Шерзод Давлятович Кубдиев 1981 йил Фарғона вилоятида туғилган. Фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси департамент директори ўринбосари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси лавозимларида самарали меҳнат қилган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. 

Тадбирда сўз олганлар федерациянинг янги раҳбарига ўзбек стол тенниси ривожини янги даражага олиб чиқиш, Париж-2024 Олимпиадасига йўлланма қўлга киритиш каби ишларда унга куч-ғайрат ва омад тилашди. Хусусан, Адҳам Икрамов сўз олиб, номзод ҳақида илик фикрларни билдирди. Унга кўра, янги раҳбарнинг бой тажрибаси ва салоҳияти эвазига федерация иши янада жонланиши, қўшимча имкониятлар яратилиши, яқин вақт ичида мамлакатимизда ушбу спорт оммавийлигининг ошишига ишонишини таъкидлаб ўтди. Ўз ўрнида Шерзод Кубдиев янги лавозимга сайланганидан сўнг илк фикрлари билан ўртоқлашди:

"Аввало, менга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Ушбу спорт тури оммавийлигини янада ошириш, унинг ҳар бир маҳаллага кириб бориши ва ёшлар орасида тарғиб қилиш учун барча керакли ишларни амалга оширамиз. Бу борада Сизларнинг ёрдамингизга муҳтожман. Биргаликда келишган ҳолда, бир ёқадан бош чиқариб ягона мақсад сари интилсак, ишончим комилки зиммамизга юкланаётган барча вазифани уддалай оламиз. Ишончингиз учун яна бир бор ташаккур".

Ўз навбатида, Адҳам Илҳамович конференция якунида федерацияга янги сайланган раисга 2 ҳафта ичида мутахассислар билан яқиндан танишиш, федерациянинг ҳисобот конференциясини ўтказиш ва унда ташкилотга бош котиб ва раис ўринбосарларини сайлаб олиш, янги жамоани шакллантириш бўйича ўз тавсияларини берди. 

Шунингдек, йиғилиш давомида Азизжон Камилов ва Баҳодир Махситов ҳам сўз олиб, янги раҳбарнинг келгуси фаолиятига омад тилашди. 

Шунинг билан, Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Text to speech