Ру En O'z
21 Апрель 2022 2061

Осиё ўйинлари дастурига илк бор киритилган электрон спорт бўйича жамоамизнинг иштироки муҳокама марказида

Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари дастуридан киберспорт ўйинлари ҳам ўрин олган бўлиб, бўлажак мусобақада катта таркиб билан иштирок этишни ният қилган делегациямиз мазкур йўналишда ҳам спортчиларимизни Ўйинларга жалб қилишни кўзда тутган.

Айни пайтда мамлакатимизда киберспорт бўйича 2 та расмий ташкилот – Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси ҳамда Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси фаолият олиб бормоқда.

Осиё Олимпия Кенгаши 2021 йил 5 декабрдаги хати билан Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида иштирок этадиган жамоани шакллантириш ҳуқуқи Миллий Олимпия қўмитасига берилганлиги, электрон спорт турлари бўйича миллий терма жамоа спортчилари ва расмий шахсларни қайд этиш ва иштирокини таъминлаш учун Миллий Олимпия қўмитаси масъул эканлигини маълум қилган эди.

Мазкур масала юзасидан 2022 йил 12 январда Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси ҳамда Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси раҳбарияти билан учрашув ташкил этилиб, ўзаро келишган ҳолда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида иштирок этишга тайёргарлик кўрадиган миллий терма жамоани шакллантириш ва натижаси юзасидан Миллий Олимпия қўмитасига таклиф киритиш вазифаси юклатилган эди. Лекин, ҳар икки ташкилот ўртасида юзага келган баҳсли масалалар сабабли шу кунга қадар келишилган таклиф киритилмади.

Шу боис, Миллий Олимпия қўмитасида электрон спорт турлари бўйича кучли миллий терма жамоани шакллантириш ҳамда уларни бўлажак Осиё ўйинларига пухта тайёрлаш юзасидан навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, ҳар икки ташкилот раҳбарияти, киберспорт бўйича мамлакат чемпиони, жаҳон чемпионати иштирокчиси Абусапи Қаюмов ва шу соҳанинг бошқа мутахассислари иштирок этишди.

Учрашувда Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси республика миқёсида танлов ўтказиш, унда саралаш босқичлари орқали ғалаба қозонган жамоани танлов мусобақасига тавсия этиш юзасидан таклифни илгари сурди.

Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси томонидан эса ўз фаолияти давомида ўтказилган турнирлар асосида жамоани шакллантириш ва танлов мусобақаларига тавсия этиш таклифи ўртага ташланди.

Бироқ, Осиё Олимпия Кенгашининг йўллаган мурожаатида билдирилган тавсиялар, қолаверса, мамлакатимизда бу йўналишда иккита ташкилот борлигини инобатга олиб, Миллий Олимпия қўмитаси томонидан ҳар икки ташкилот тақдим этган талабнома асосида махсус танлов мусобақалари ташкил этилиши белгиланди. Мазкур танлов мусобақасида иштирок этиш учун ҳар икки ташкилот жорий йил 5 май кунига қадар ўз жамоалари таркибини ўзларининг федерация (ассоциациялари) томонидан белгиланган тартибда шакллантириши ҳамда тақдим қилиши зарур.

Миллий Олимпия қўмитаси томонидан эса электрон спорт бошқарувига оид ҳар икки ташкилот ўртасида ҳалол рақобат ва спорт тамойиллари асосида жорий йил 10 майга қадар Осиё ўйинлари дастурига киритилган 8 та спорт турлари бўйича, тасдиқланган низом асосида танлов мусобақалари ўтказилади.

Бунинг учун Миллий Олимпия қўмитаси томонидан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкилий қўмита тузилади, танлов мусобақаларини ўтказиш низоми, ҳакамлар таркиби, ўтказиш муддати ва жойи тасдиқланади, мусобақани юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча чора-тадбирлар кўрилади.

Мусобақа натижаларига қараб, ғалаба қозонган киберспортчилардан иборат миллий терма жамоа шакллантирилади ҳамда Ханчжоу-2022 XIX Осиё ўйинларида қатнашиш учун рўйхатдан ўтказилади, шунингдек, уларни Осиё ўйинларига пухта тайёрлаш ва иштирокини таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади ва тегишли ишлар олиб борилади.

Text to speech