Ру En O'z
21 Апрель 2022 1412

Рустам Рўзиев: “Режада 1 та бронза медали, лекин максимумга ҳаракат қиламиз”

Аввал хабар берганимиздек, слаломда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси айни кунларда Тошкент вилоятидаги Угом дарёсида йиғинни давом эттирмоқда. Биз ушбу спорт тури бўйича терма жамоа бош мураббийи Рустам Рўзиев билан йиғин тафсилотлари ва олдинда турган режалар ҳақида суҳбат ташкил қилдик.

– Маълумки, март ойида слаломда эшкак эшиш бўйича вакилларимиз Осиё чемпионатида иштирок этиб, муваффақият қозонишди. Мазкур стартда спортчиларимизнинг иштирокига қандай баҳо берасиз?
– Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида терма жамоамиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди. Албатта, бу натижа анча яхши. Чунки терма жамоамиз сўнгги бор 2018 йилги қитъа чемпионатида медалларни қўлга киритган эди. Шундан кейин коронавирус пандемияси сабаб бизнинг спортда ОЧ ўтказилмади. 2021 йилда Токио-2020 саралаш мусобақаси бўлди. Бироқ унда жамоамизни Олимпиада лицензиясидан 2 сония ажратиб қолган.

– Таиланддаги Осиё чемпионатига тайёргарлик қандай кечган эди?
– Бу мусобақага ўтган йил октябрь ойидаги жаҳон чемпионати якунланиши биланоқ тайёргарликни бошлаган эдик. Машғулотларнинг биринчи босқичи пойтахтимиздаги Бўзсув каналида ўтди. Унда спортчиларнинг жисмоний ва техник кўрсаткичларини яхшилаб олдик. Бундан ташқари, спортчиларнинг чидамлилиги ва техникасини янада ошириш мақсадида Тошкент денгизида тинч сув устида машғулотлар ўтказилди. Январь ойидан бошлаб яна Тошкентда, сўнг Туркияда тайёргарлик кўрдик. Туркияда бизга хорижлик мутахассис Павел Смирнов қўшилди ва машғулотларни ўтказишда ёрдам берди. Бугун у биз билан Тошкент вилоятида ҳам ишламоқда.

– Ўзбекистон Rowing&Canoe федерацияси слалом бўйича миллий терма жамоага хорижлик мутахассисларни жалб қилганми?
– Айнан слаломда терма жамоамиз тарихида халқаро экспертлар ҳеч қачон иштирок этмаган. Бу айни даврда илк бор йўлга қўйилган тажриба. Биз бутунлай янги босқичга кўтарилмоқчимиз. Жамоамиз Олимпия ўйинларига лицензияни ўтган сафардагидек қитъавий квалификация орқали эмас, балки жаҳон чемпионати орқали қўлга киритмоқчи. Биз планкани баландроқ қилиб қўйдик ва ўйлайманки, бунинг учун жамоамизда барча имконият ва шароитлар бор. Ўз олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун хорижлик мутахассисни жалб этдик.

– Павел Смирновни миллий терма жамоага жалб қилишдан қандай мақсад кўзланган?
– Павел Смирнов бой тажрибага эга собиқ спортчи. У Жаҳон кубоги ғолиби, жаҳон чемпионатларининг финалчиси ҳисобланади. Ундан ўрганиш керак бўлган кўп нарса бор. Ушбу мутахассис жаҳон аренасида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиш йўлида спортчиларни тўғри йўналтиришни билади.

– Ушбу ўқув-машғулот йиғинида қайси мусобақаларга тайёргарлик кўзда тутилган?
– Биз бу билан йилнинг асосий мусобақаларидан бири – Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарликни давом эттирмоқдамиз. Ундан олдин халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ва жаҳон чемпионати ҳам бор. Уларда спортчиларимизнинг савиясини аввалги кўрсаткичлар билан солиштириш, шунингдек, атлетларимизнинг маҳоратини ошириш ва сайёрамизнинг навбатдаги чемпионати олдидан спортчиларнинг қобилиятини аниқлашимиз керак. Зеро, келгуси йил Париж-2024 Олимпиадаси учун йўлланма берувчи жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

– Осиё ўйинларида қатнашадиган терма жамоа таркиби аниқландими ва Ханчжоу-2022 учун қандай режалар бор?
– Осиё ўйинларига 2 нафар байдарка ва 2 нафар каноэчини олиб боришни режалаштирганмиз. Қоидага кўра, финал босқичига уларнинг фақат 1 нафари йўл олиши мумкин. Шунингдек, C-1 (каноэ) йўналиши бўйича бир спортчи қизимизни ҳам таркибга жалб қилишни режалаштирганмиз. Шу пайтгача слаломда қизларимиз Осиё ўйинларида қатнашишмаган. Режамизда 1 та бронза медалини қўлга киритиш мақсади бор. Лекин ҳар қачон максимум натижага ҳаракат қиламиз.

Text to speech