Юнон-рум курашчиларимиз қитъа чемпионатини бешта медаль билан якунлашди
Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Рустам Ассакаловнинг Мўғулистонда ўтказилаётган Осиё чемпионатидаги иштироки билан мазкур йўналишдаги баҳсларга якун ясалди.
-97 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ассакалов финалда эронлик Меҳди Балиҳамзега қарши гиламга чиқди. Афсуски, беллашув эронлик курашчининг ғалабаси билан якунланди ва спортчимиз ўз совринлари орасида Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўшиб қўйди.
Шунингдек, -82 кг вазн тоифасида бронза медали учун баҳсда япониялик Юя Окажимани мағлуб этган Муҳаммадқодир Расулов ҳам шоҳсупага кўтарилди. Маҳмуд Бахшуллаев (-67 кг) ва Мирзобек Раҳматов (-72 кг) эса ушбу босқичда имкониятни бой бериб қўйди.
Шу тариқа, “классик”ларимиз Осиё чемпионатида 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини жамғаришди. Эртадан аёллар кураши бўйича баҳсларга старт берилади.