Ру En O'z
20 Апрель 2022 2771

Лондон-2012 совриндори Иван Ефремов ва 2021 йилги жаҳон чемпионатлари қаҳрамонлари пул мукофотлари билан тақдирланишди

Бугун Спортни ривожлантириш вазирлигида 2021 йилги жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг мураббийлари, шунингдек, Лондон-2012 XXX ёзги Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндори Иван Ефремовни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Асилбек Муртазоев, спортчи ва мураббийлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида расмийлар атлетларимизнинг Ватанимиз шарафини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилиб келаётганлари ҳақида тўхталиб, ҳукуматимизнинг бундай натижаларни беэътибор қолдирмаслиги уларнинг келгуси муваффақиятлари учун катта куч беришини таъкидлашди.

“Бугун спортчиларимизнинг 2021 йилда дунё биринчилигида эришган ютуқларини қутлаш учун йиғилганимиздан мамнунмиз. Атлетларимизнинг халқаро майдонда қўлга киритган улкан зафарлари шахсан Президентимиз томонидан эътироф этилди. Давлатимиз спортчиларимизнинг ғалабаларига ҳамиша эътибор қаратган. Бундай мукофотлар олдимизда турган Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва бошқа мусобақалар олдидан уларда янада катта мотивация уйғотади. Биз эса ушбу стартларда муносиб иштирок этиб, келгусида ҳам билдирилган ишончни оқлаймиз, деган умиддаман”, – деди Шаҳрулло Маҳмудов.

Ўз навбатида, Ойбек Касимов спортчиларнинг давлат томонидан бундай тақдирланишини ҳеч қайси мамлакатда учратмаганини таъкидлади:

“Йил давомида атлетларимизнинг жаҳон чемпионатларида эришган муваффақиятларини мана шундай тақдирлаш анъанасини яхши йўлга қўйиб олганмиз. Бунга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани барчамиз учун қувонарли. Даврада мамлакатимизнинг элита спортчи ва мураббийлари жам бўлишган. Ўрганишларимиз натижасида ҳеч қайси давлатда Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларидан кейин ҳам совриндор бўлган спортчиларни давлат томонидан мукофотлаш анъанасини учратмадик. Барчангизга келгуси фаолиятингизда янада улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз”.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига мувофиқ, Лондон-2012 XXX ёзги Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби, оғир атлетикачи Иван Ефремов 50 минг, жаҳон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар мос равишда 12 минг (олтин медаль), 6 минг (кумуш медаль) ва 3 минг (бронза медаль), уларни тайёрлаган мураббийлар эса 6 минг, 3 минг ва 1.5 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Тадбир давомида спортчиларимиз ҳам сўз олиб, Президентимиз ва давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканликларини, келгусида янада юқори натижалар қўлга киритиб, бундай ғамхўрликка муносиб жавоб беришларини таъкидладилар.

Маълумот учун, Иван Ефремов Лондон-2012 Олимпиадасида оғир атлетика бўйича -105 кг вазн тоифасида бешинчи натижани қайд этган эди. Бироқ кейинчалик биринчи ва тўртинчи ўринни эгаллаган атлетларда допинг аниқлангач, атлетимиз учинчи ўринга кўтарилган. Ўтган йили Халқаро Олимпия қўмитаси Иван Ефремовнинг Олимпиада совриндори эканлигини тасдиқловчи сертификат ва Лондон-2012 медалини юборгач, спортчимиз Тошкентда ўтган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати арафасида тақдирланган эди. Бугун у давлатимиз томонидан ҳар бир Олимпия совриндори учун белгиланган тартибда пул мукофотини қабул қилиб олди.

Text to speech