UCI делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди
Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) юртимизга 4 кишидан иборат делегация юборди. Бундан кўзланган мақсад Жиззах шаҳрида қад ростлаган BMX трассаси ва унинг атрофида қурилган комплекс билан яқиндан танишиш.
Делегация таркибида 2 нафар мутахассис (Норман Лесли Маккенн, Кайл Эванс) ва 2 нафар профессионал велоспортчи (Жакомо Фантони ва Метю Кин Гилсто) ларни учратиш мумкин. Режа бўйича дастлаб райдерлар трасса бўйлаб ҳаракат қилиб кўришади ва ўз фикрларини билдиришади. Шундан сўнг делегация аъзолари умумий хулосани тақдим қиладилар.
Якуний қарорда спорт иншооти барча халқаро стандартлар ва меъёрларга жавоб берадиган деб топилса, ушбу аренада турли халқаро мусобақаларни ўтказиш ҳуқуқини берувчи расмий UCI сертификатига эга бўламиз.
Эслатиб ўтамиз, Жиззахдаги BMX спорт мажмуаси 2021 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилган. Арена 3400 ўринга мўлжалланган. Шунингдек, мажмуада конференц ва спорт заллари, VIP майдон, 2 та теннис корти, 2 та мини-футбол учун майдончалар ва 100 ўринли меҳмонхона мавжуд. Дарвоқе, дунёда атиги 32 та бундай объектлар мавжуд бўлиб, юртимиздаги трасса бу йўналишдаги 33-иншоот ҳисобланади.