Ру En O'z
19 Апрель 2022 1452

Таниқли хорижий компания “Тошкент-2025” учун ўз маҳсулотларини таклиф қилди

Ҳозирда “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинларига ҳар томонлама катта тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу йирик спорт тадбири учун қуриладиган спорт иншоотларини замонавий инвентарлар билан жиҳозлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида мазкур масала юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Унда бўлажак мусобақа учун қуриладиган объектларга сифатли инвентарларни етказиб бериш бўйича ўз таклифини илгари сурган Хитойнинг "Taishan" компанияси вакили билан кўплаб масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда МОҚ Бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Касимов, Қўмита департамент директори Камолиддин Эргашев ҳамда компаниянинг халқаро савдо масалалари бўйича менежери Петер Жанг иштирок этди. Суҳбат давомида Ойбек Касимов бўлажак мусобақа мамлакатимиз учун қанчалик катта аҳамият касб этишига алоҳида тўхталди.

““Тошкент-2025”га тайёргарлик шахсан муҳтарам Президентимизнинг назорати ва эътиборида турибди. Бу орқали давлатимиз раҳбари барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг салоҳиятини нафақат қитъамиз, балки жаҳонга кўрсатиш имкониятига эгамиз. Шу боис ҳам ҳар жабҳада юқори сифатли ҳом-ашёлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Биламизки, сиз фаолият олиб бораётган ташкилот спорт оламида ўз нуфузига эга. Таклифларингизни ўрганиб чиқамиз. Ҳамкорлик масалалари ижобий ечим топадиган бўлса, бундан бағоят мамнун бўламиз», – деди МОҚ Бош котиби.

"Taishan" компанияси Олимпия ўйинлари оиласига кирган кўплаб Халқаро федерациялар томонидан тан олинган. Компания томонидан нафақат спорт инвентарлари, балки атлетлар учун экипировкалар, беллашувлар учун махсус кийимлар ҳам ишлаб чиқарилади. Суҳбат якунида томонлар келгуси қадам ва ҳамкорлик истиқболи бўйича ўз фикрларини билдиришди.

Text to speech