Ру En O'z
19 Апрель 2022 1405

Угом дарёсида йиғин ўтказаётган слаломчиларимизнинг шароитлари ўрганилди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддилари Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган терма жамоаларимизнинг шароитларини ўрганиш, ўқув-машғулот йиғинларини кузатиш борасида йўлга қўйган ишларини давом эттирмоқда. Қўмита вакиллари Тошкент вилоятининг Угом масканида йиғин олиб бораётган слаломчиларимизнинг машғулотларида бўлишди.

1 апрелда бошланган ушбу йиғин 24 апрелга қадар давом этиши режалаштирилган бўлиб, унда 3 нафардан байдарка ва каноэ слаломида жами 6 спортчи, 2 мураббий ва 1 массажчи қатнашмоқда. Мураббий Рустам Рўзиевнинг маълум қилишча, ушбу йиғин жорий йил июль ойида ўтиши режалаштирилган жаҳон чемпионати ва сентябрда ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Шунингдек, йиғинда терма жамоамизда фаолият олиб бориши кутилаётган россиялик мураббий Павел Смирнов ҳам қатнашиб, ўзининг керакли тавсияларини бериб келмоқда.

Ташриф давомида ҳамкасбларимиз спортчиларнинг овқатланиш рациони, ётоқхона ва улар учун яратилган бошқа шароитлар билан яқиндан танишишди. Мураббийлар штаби суҳбат давомида терма жамоа олдидаги мақсад ва режалар ҳақида гапириб беришди. Унга кўра, Ханчжоуда шоҳсупага кўтарилиш, шунингдек, ўзбек спортида илк бор слалом бўйича ҳам Олимпия ўйинларига йўлланма олиш федерация ва мураббийлар штаби олдида турган энг асосий вазифа ҳисобланади.

Text to speech