Ру En O'z
17 Апрель 2022 2251

Тахмина Икромованинг бенефисига айланган Жаҳон кубоги терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтди

Тошкент мезбонлик қилган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг учинчи босқичи ўз якунига етди. 15 мамлакат вакиллари иштирок этган беллашувларда Тахмина Икромова ҳамда терма жамоамиз фаолиятида янги саҳифа очилди.

Дастлаб кўпкураш дастурида тенгсиз бўлган ёш гимнастикачимиз ҳалқа ва булава машқларида олтин, тасмада эса бронза медалини қўлга киритди. Шу тариқа, Икромованинг ўзи ушбу мусобақада 3 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди.

Мусобақада Париж-2024 учун янги шаклланган гуруҳ машқидаги қизларимизнинг ҳам чиқишини алоҳида эътироф этиш ўринли. Раъно Муҳамедова ҳамда Нилуфар Шомуродова қўл остида шуғулланаётган қизларимиз дастлаб кўпкураш дастурида, сўнг 5 ҳалқа машқида кумуш, 3 тасма ва 2 тўп дастурида эса олтин медаль билан тақдирланишди.

Шу тариқа, мазкур босқичда терма жамоамиз 4 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон гимнастика федерацияси ва терма жамоамизни пойтахтимизда ўтган ушбу масъулиятли мусобақада қайд этилган юксак натижа билан самимий муборакбод этиб, келгуси мусобақаларда ҳам гимнастикачиларимизга омад ва зафарлар тилаб қолади.

Text to speech