Бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
Маълум қилганимиздек, Тошкентда нафис спорт тури бўйича Жаҳон кубогининг иккинчи босқичи бошланди. Бугун Пойтахтимиздаги Гимнастика саройида ушбу нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мустаев, Халқаро гимнастика федерацияси мутасаддилари, спорт жамоатчилиги ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Расмийлар ўз нутқларида мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилаётган кенг имкониятлар, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталишди.
Мусобақа расман очиқ деб эълон қилингач, тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Унда пойтахтимизда фаолият олиб бораётган бир қатор гуруҳлар ўзларининг бетакрор чиқишлари билан меҳмонларга янада кўтаринки байрамона кайфият улашишди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада Арманистон, Австралия, Озарбайжон, Болгария, Колумбия, Буюк Британия, Грузия, Германия, Италия, Қозоғистон, Латвия, Янги Зеландия, Словения, АҚШ каби давлатлар иштирок этмоқда. Бугун бир қатор дастурда саралаш баҳслари ўтказилди. Эртадан ҳамюртларимиз финал босқичида чемпионлик йўлида тайёрлаган дастурларини йиғилганлар эътиборига ҳавола қилишади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Жаҳон кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган қизларимизга яна бир бор омад тилайди. Бўлажак баҳсларда улардан чиройли ғалабалар кутиб қоламиз.