РСТИАМ психологлари терма жамоамиз вакиллари билан семинарлар ўтказишмоқда
Юқори натижаларга эришиш йўлида спортчилар нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам бўлажак стартларга тайёрланишлари талаб этилади. Бу борада Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутахассислари томонидан керакли ишлар олиб борилмоқда.
Марказ психологлари режа асосида бир қатор терма жамоаларимизнинг базаларига ташриф буюриб, атлетларимиз билан психологик трейнинг ва семинарлар ўтказишмоқда. Ана шундай учрашувлар таэквондо ва академик эшкак эшиш бўйича терма жамоамиз вакиллари билан ўтказилди.
Таъкидланганидек, йирик мусобақа олдидан руҳий тайёргарлик катта аҳмият касб этади. Спортда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юрар экан, атлетлардаги ўзига бўлган ишончнинг меъёридан ортиши ёки руҳий жароҳатларни келгуси мусобақагача йўқотиш айнан ушбу соҳа вакилларининг зиммасидаги масъулиятли вазифа ҳисобланади.
Семинарларда спортчиларнинг психологик тайёргарлигини ошириш бўйича машғулотлар олиб борилди. Атлетларга улкан ютуқларга эришишда мазкур йўналишдаги тайёргарликнинг актуаллиги тушунтирилиб, бу борадаги қимматли тавсиялар берилди. Шунингдек, спортчиларимиз ҳам мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.