Раҳматжон Рўзиоҳунов ва Дилшод Казаковни табриклаймиз!
Бугун бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Раҳматжон Рўзиоҳунов ва Ўзбекистон бокс федерациясининг тажрибали шифокори Дилшод Казаков таваллуд айёмини нишонлашмоқда.
Раҳматжон Рўзиоҳунов 1968 йил 15 апрель куни таваллуд топган. 2015 йилдан бери бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасида фаолият олиб боради, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони соҳиби. Боксчиларимизнинг Рио-2016 Олимпиадаси, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Осиё ўйинларида қайд этган юқори натижаларида ушбу мутахассиснинг хизматлари катта.
Дилшод Казаков 1972 йил худди шу куни туғилган. Тошкент тиббиёт институтида таҳсил олган. Спорт шифокори сифатидаги фаолиятини 1998 йилда бошлаган. Маълум муддат футбол соҳасида ишлагач, 2000 йилдан ҳозирги кунгача бокс йўналишида фаолият олиб бормоқда. 2011 йилдан IBA тиббий комиссияси аъзоси. 2019 йилдан Осиё бокс конфедерацияси тиббий комиссияси раиси. Дилшод Казаков 2018 йилда қитъанинг энг яхши техник мутахассиси деб топилган. Фаолияти давомида кўп маротаба Осиё ва Олимпия ўйинларида ишлаган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Раҳматжон Рўзиоҳунов ва Дилшод Казаковни бугунги таваллуд айёми билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан зафарлар тилаб қолади.