Халқаро теннис федерацияси президенти пойтахтимизга қилган илк ташрифида ўзбек тенниси мактабини эътироф этди
Ўзбекистонда теннисни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ва спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш йўлида катта режаларни амалга ошириш мақсадида Халқаро теннис федерацияси президенти Дэвид Хаггерти мамлакатимизга ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонни 14 апрель куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Халқаро теннис федерацияси президенти Дэвид Хаггертини қабул қилди. Учрашувда теннисни мамлакатимизда янада ривожлантириш, йирик халқаро мусобақалар ўтказиш, теннис тараққий этган ҳорижий давлатларда мутахассис ва ҳакамларимизнинг малакасини ошириш учун Халқаро федерация грантларини ажратиш, уларни ATP ва WTA турнирларига кўпроқ жалб қилиш, ўзбекистонлик теннис мутасаддиларини халқаро ташкилот бошқарувидаги нуфузли бўлимларда фаолият олиб боришини таъминлаш сингари масалалар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, Дэвид Хаггерти Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Қайд этиш жоиз, бу Хаггерти жанобларининг мамлакатимизга амалга оширган илк ташрифи ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам мартабали меҳмон юртимизга қилган ўз сафаридан катта таассурот олаётганига алоҳида тўхталди.
Миллий Олимпия қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти Дэвид Хаггерти билан ўзбек теннис мактабининг халқаро аренадаги мавқейини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзаро фикр алмашди. Шунингдек, мазкур тадбирда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Ирода Тўлаганова ҳам қатнашди.
МОҚдаги ташриф якунлангач, меҳмон пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари теннис мактабига йўл олди. У ерда Дэвид Хаггерти ёш спортчиларнинг машғулотини кузатиб, уларга ўзининг қимматли маслаҳатларини берди ва эсдалик учун суратга тушди. Шундан сўнг, ишчи гуруҳ мартабали меҳмонни Темурийлар тарихи давлат музейига таклиф қилди. У ерда Хаггерти жаноблари ўзбек халқи маданияти ва тарихи, давлатчилигимизнинг ривожланиш босқичлари билан яқиндан танишди.
Мамлакатимизга юқори даражадаги бундай мутахассисларнинг ташрифи Президентимиз томонидан спорт соҳасида олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг халқаро майдонда тан олинаётганидан далолат бериши шубҳасиз.