Ўзбек футболининг 110 йиллиги Қорақалпоғистонда ҳам кенг нишонланди
Маълумки, бу йил ўзбек футболига асос солинганига 110 йил тўлади. Шу муносабат билан бугун Қорақалпоғистон Республикасида байрам тантаналари ўтказилмоқда. Дастлаб МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов бошчилигидаги ЎФА мутасаддилари Нукус шаҳрида кўтаринки руҳда кутиб олинди, шундан сўнг тадбир иштирокчилари қорақалпоғистонлик бир гуруҳ футбол фахрийларининг хонадонига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олишди.
Куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов, Вазирлар Кенгаши Раиси, Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси президенти Қаҳрамон Сариев билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Мурат Камалов ўлкада футбол ривожи, унинг оммавийлиги йўлида амалга оширилаётган ишлар ва бўлажак режалар билан ўртоқлашди. Самимий руҳда ўтган суҳбат якунида Мурат Камалов ва Қаҳрамон Сариевга «Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони топширилди. Бундан ташқари, бир қатор фахрийлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Маълумот учун, бунгача ўзбек футболининг 110 йиллик тантаналари Жиззах ва Хоразм вилоятларида ҳам ташкил этилиб, маҳаллий мухлислар ҳақиқий футбол байрамидан баҳраманд бўлишганди. Қорақалпоқ заминига уюштирилган сафар давомида ҳам миллионлар ўйинига оид қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.