Ру En O'z
13 Апрель 2022 1395

Илҳом Баҳромов: “Ишонмаслигингиз мумкин, аввал биз яшайдиган манзилда курашдан бошқа спорт тури бўлмаган”

Спорт курашлари бўйича терма жамоаларимиз пойтахтда ўқув-машғулот йиғинини ўтказишяпти. Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз аъзоси, Нанкин ўсмирлар Олимпиадаси чемпиони, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатининг кумуш ва бронза медаллари совриндори Илҳом Баҳромов билан қизиқарли суҳбат ташкил қилди. Эътиборингизга ушбу интервьюни ҳавола қиламиз:

– Илҳом, аксарият болалар футболни танлашади. Сизда спорт курашларига меҳр қачон ва қандай пайдо бўлган? Нима учун айнан юнон-рум кураши?
– Дадамнинг укалари Исроил амаким сабаб юнон-рум курашига қизиқиб қолдим ва шуғуллана бошладим. Амаким ёшликларида ўзлари ҳам юнон-рум кураши билан шуғулланганлар, лекин кейинчалик шароит бўлмагани учун ташлаб кетишларига тўғри келган. Ўз орзулари рўёбини менда кўриш истагидан бўлса керак, кураш залига ўзлари етаклаб олиб келганлар. Қўшимча ўргансин деб юнон-рум кураши беллашувлари ёзилган дискларни қўйиб берардилар. Шунингдек, туманимизда юнон-рум кураши анча ривожланган эди. Тумандошларимиз орасидан кўплаб чемпионлар етишиб чиққан.

– Нима учун эркин курашни танламагансиз? Акангиз Ислом ҳам айнан юнон-рум курашида. Иккингиздан бирингизда эркин курашни танлаш имконияти бўлмаганми?
– Йўқ, бўлмаган. Ишонмаслигингиз мумкин, аввал биз яшайдиган манзилда бошқа спорт тури бўлмаган. Бўлганида балки борардик. Ака-ука чемпионларимизга ҳавас қилиб, уларга ўхшаш истагида юнон-рум курашига борганмиз. Ҳозир эса барча спорт турлари билан шуғулланиш имконияти мавжуд.

– Кимлар эди сиз ҳавас қилган чемпионлар?
– Зафар Очилов, Наврўз Усмонов…

– Мураббийларингиз Ўрол Зиёев ва Ҳаким Накимов ҳақида нима дея оласиз? Уришганларида ранжиган пайтларингиз бўлганми?
– Биринчи мураббийим Ўрол ака Зиёев бўлганлар. Айнан Ўрол ака мени Самарқанддаги ОЗКга Ҳаким аканинг қўлларига топширганлар. Албатта, койишган пайтлари бўлган. Лекин бундан умуман хафа бўлмаганман. Яхши бўлсин деб уришишган, танбеҳ беришган. Айб ўзимда бўлган.

– Мураббийларингиздан қайси хислатларни ўзлаштира олдингиз?
– Биринчи навбатда бошланган ишни охиригача етказиб қўйишни, ярим йўлда ташлаб кетмасликни ўргандим. Кейин спортда сезгирлик деган тушунча бор. Бу муҳим беллашувларда ас қотади. Мураббийларимдан шу хислатларни олишга ҳаракат қилганман.

Text to speech